Қоровулбозор: 90 нафардан ошиқ ёшга 50 сотихдан ер майдони тақсимлаб берилди

Қоровулбозор: 90 нафардан ошиқ ёшга 50 сотихдан ер майдони тақсимлаб берилди

Buxoro.uz

Олис чўлқуварлар ва нефтчилар туманида бугунга келиб хонадон сони 4 минг 632 тага, оила сони 5 минг 389 тага ва уларда истиқомат қилаётган аҳоли сони эса қарийб 20 мингга етгани ҳудуд гавжумлашаётгани, одамлар турмуш даражаси ошаётгани далолати. Маъмурий жиҳатдан Тинчлик, Навбаҳор, Бўзачи, Бўстон, Имом-Бухорий, Жарқоқ, Чўлқувар каби 7 та маҳаллани ўз ичига олган туманда истиқомат қилаётган аҳолининг 14 мингдан ошиғини ўзбеклар, қолганини эса қозоқ, туркман, рус, тожик, татар ва бошқа миллат вакиллари ташкил этмоқда.

Бугуга келиб туманда фаолият юритаётган 8 та умумтаълим мактабида 4,5 мингдан ортиқ баркамол авлод вакилига таълим-тарбия берилаётган бўлса, битирувчилар, балоғат ёшидаги ёки 30 ёшгача бўлган 3 мингдан ортиқ йигит-қизга ўз имкониятлари ва лаёқатларини юзага чиқаришлари учун шарт-шароит яратиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамиятга эга. Бу борадаги статистик маълумотларга бежиз тўхталмадик. Ҳудудда ёшлар ижтимоий муҳофазаси, ишсизликни бартараф этиш алоҳида эътиборда. 

Жумладан, қишлоқ хўжалигидаги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат экинлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  Мазкур қарорга мувофиқ, Қоровулбозор туманидаги ишсиз, кам дароамадли, миграциядан қайтган ёшларга сувга қулай, унумдор ҳамда аҳоли масканига яқин жойлардан ер майдонлари ажратиб берилгани уларга экин ерида ишлаб, даромад топишлари учун катта имкониятдир.

Бунинг учун ҳудуддаги Тинчлик, Чўлқувар, Навбаҳор ҳамда Жарқоқ маҳаллаларида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари тасарруфидаги экин ерларидан ажратилган қарийб 50 гектар ер майдони 90 нафардан ортиқ меҳнатга лаёқатли ёшнинг ҳар бирига, 50 сотихдан тақсимлаб берилди.

— Кейинги пайтда Россияга қатнаб ишлашга мажбур бўлгандим. Мусофирликнинг азобини уйи ва оиласидан узоқда овораю сарсон бўлганлар билади. Энди бизга берилган ерда деҳқончилик қилиб, шу даромадни ўзимизда ишлаб топишга қарор қилдим, — дейди “Жарқоқ” МФЙ да истиқомат қилаётган Умиджон Рофиев. — Бунинг учун вилоят ва туман ҳокимидан миннатдормиз. Экин ери суғоришга қулай бўлиб, уйимизга яқин бўлгани сабабли оиламиз билан бу ерда кўпроқ ишлаб, қовун-тарвуз, ошқовоқ, қолаверса, дуккакли экинлар экиб етиштириб, рўзғор кам-кўстини тўлдириш, албатта, моддий манфаатдор бўлиш имкониятига эга бўлдик.

Дарҳақиқат, ярим гектар ер майдони деҳқон хўжалигини ташкиллаштириб, тирикчилик қилиш, деҳқончиликдан мўл ҳосил етиштириб, бир оила эҳтиёжларини қоплаш учун етарли, албатта. Бунда йилда икки-уч марта ҳосил етиштириш, ҳатто иссиқхона ташкил этиб, мунтазам иш юритиш, деҳқончиликни тадбиркорликка уйғун олиб бориб, мўмай фойда топиш мумкин. Ер—хазина, даромад манбаи. Шу кунгача танг аҳволда қолиб, ташвишга тушган Фотима Мўминова, Равшан Иброҳимов, Ислом Раҳмонов сингари ёшлар ҳам эндиликда ўз экин ерларига эга бўлишиб, бу ерни пухта тайёрлаш, сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб етиштиришга жадал киришдилар.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page