РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари томонидан туманларга бориб “Маҳорат дарслари” ни ўтказиш анъанага айланмоқда

РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари томонидан туманларга бориб “Маҳорат дарслари” ни ўтказиш анъанага айланмоқда

РШТЁИМ Бухоро филиали

Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар асносида тиббиёт тизимида оламшумул янгиликлар бўлмоқда. Биргина травматология йўналишида мураккаб, юқори технологик операцияларнинг кўп турлари юртимизда амалга оширилаётгани, маҳаллий мутахассисларнинг ушбу мураккаб операцияларни бажаришни пухта эгаллаб олганлиги кўнгилларга ғурур ҳиссини туйдиради. Беморнинг касалликдан тузалиши учун замонавий тиббий аппаратлар ва дори дармонлардан ташқари, даволовчи врачнинг малакасининг беқиёс ўрни бор. Айниқса, хасталикдан тузалаётган бемор атрофида яратилган муҳит ҳам унинг дардига малҳам бўлишга, оғриқларини унутиб касаллик сабаб бўлган тушкун кайфиятдан қутилишга ёрдам беради.

РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари томонидан кейинги йилларда бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда юқори малака ва технологиялар талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами кенгайиб туманлар миқёсида ҳам амалга оширилаётгани соҳанинг жаҳон миқёсида ривожланаётганлигининг далилидир.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг бир гуруҳ травматолог мутахассислари куни кеча Олот туман тиббиёт бирлашмасига бориб “Маҳорат дарслари” ни мувоффақиятли амалга оширдилар. Олот туман субфилиалида  филиал етакчи травматологларидан Ж.Жаббаров амалий ва назарий билимлари билан ўртоқлашиш мақсадида “Маҳорат дарслари” ни ўтказди.

Олот туманида ҳамкорликда мураккаб юқори технологияли травматологик амалиёт илк маротаба амалга оширилди. Унда беморда каминвазив сон суягини блокловчи штифт ёрдамида кам кесимсиз ЭОП остида остеосинтез амалиёти бажарилди. Мазкур бажарилган операциялар натижасида меҳнатга лаёқатли шахс эрта реабилитация қилиниб, меҳнат фаолиятига қисқа муддатда қайтиши учун имконият яратилди.

Мутахассислар томонидан ўтказилган операциялар амалиётдаги орттирилган тажрибалар орқали қизиқарли тарзда ёритиб берилди. Бундан ташқари “Маҳорат дарслари” доирасида даволашнинг каминвазив оптимал усуллари ҳақида жаҳон тажрибаси билан ҳам ўртоқлашилди. Марказда даволанаётган беморлар биргаликда кўрилиб, консультатив тиббий тавсиялар берилди.

Филиал травматологлари билан биргаликда Олот тумани субфилиалида иш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган режалар тузилиб, ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда янги инновацион услубларга асосланган “Маҳорат дарслари” ни кўпроқ ўтказишга келишиб олинди.

 РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати.


Report Page