Маданий ҳордиқ-самарали меҳнат гаровидир

Маданий ҳордиқ-самарали меҳнат гаровидир

РШТЁИМ Бухоро филиали

Куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ходимлари ва уларнинг оила аъзолари марказ маъмурияти ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбек миллий мақом маркази Бухоро вилоят бўлими” санаткорларнинг “Ёшлар маркази” да ўтказилган концерт дастурига ташриф буюрдилар. Инсоният тафаккурининг ёрқин маҳсули бўлган мақом доимо тингловчилар, мухлисларни ҳайратга солиб келган йирик мусиқий қомусдир.

Концерт дастурида Бухоро, Фарғона ва Хоразм мақом йўналишидаги ашулалар Бухоро мақом санъати усталари томонидан маҳорат билан ижро этилди. Томошабин сифатида концерт дастурида иштирок этган ходимлар жонли тарзда ижро этилган миллий ғурурга чорловчи жўшқин куй қўшиқларга жўр бўлиб, қарсаклар ва рақслар билан санаткорларни олқишлаб турдилар.

Инсон маънавий оламини юксалтиришда, онг ва тафаккурини теранлаштиришда мақом санъатининг ўрни беқиёс. Санъат одамларни эзгуликка чорлайди, яхшиликка ундайди, энг гўзал ҳис-туйғуларни инъом этади. Мақом оддий томошахона эмас, балки тарбия, маданият, маънавият ва маърифат масканидир. Мақом ўзбек халқининг етакчи анъанавий мусиқаси ижодиётининг етакчи жанри ҳисобланади. Бу санъат ўрта аср ва кейинги даврларда Марказий Осиё, умуман Шарқ ҳудудини ларзага солган ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётга ўз таъсирини ўтказган жонбахш кучдир.

Миллий мақом санъати муқаддас тарих даргоҳи саналади. Унинг тарбияга йўғрилган сабоқлари эса кишиларни одамийликка чорлайди.

Тиббиёт ходимлари ва улар оила аъзоларининг маданий дам олишини мароқли ташкил этиш, турли санъат томошалари, музей ва бошқа диққатга сазовор жойларга ташриф этишларини амалга ошириб бориш, уларни дам олишларини мазмунли ўтказишга, касбидан фахрланишга ва фарзандлари тарбиясида муҳим омил бўлишга хизмат қилиши муболағасиз.

РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати.


Report Page