РШТЁИМ Бухоро филиалида “Ҳамшира - 2024” кўрик танлови бўлиб ўтди

РШТЁИМ Бухоро филиалида “Ҳамшира - 2024” кўрик танлови бўлиб ўтди

РШТЁИМ Бухоро филиали

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11-сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон-2030”стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини ҳамширалар ўртасида тушунтириш, эл-юрт орасида ҳурмат қозонган, чинакам матонат ва жасорат соҳиби бўлган ҳамшираларнинг касбий билим ва малакаларини ошириб боришни қўллаб-қувватлаш, меҳнатда ютуқларга эришиб келаётганларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, улар фаолиятини оммалаштириш, ўз касбининг моҳир эгалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда  Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг 2019 йил 15 мартдаги 39-сонли қўшма қарори ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2023 йил 10 апрелдаги кўрсатма хати ижросини таъминлаш мақсадида филиалда “Ҳамшира-2024” кўрик танлови ўтказилди.

Танлов тасдиқлаб берилган низом шартлари асосида ўтказилиб, унда мурожаат қилган беморларни қабул қилиш, аҳволини баҳолаш ва шифокор буюрган дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амалда муайян беморга тиббий ёрдамни кўрсатиш, ижтимоий – сиёсий билимларга доир беллашув, бунда мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнлар, соғликни сақлаш  тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, уларни амалга оширишда ҳамширанинг ўрни ва вазифалар, тиббий билимларга оид тезкор савол-жавоблар, тиббиёт соҳаси одам анатомияси, физиологияси, касаллик белгилари, ҳамширалик иши, тиббий ҳужжатлар, беморлар парвариши, шошилинч тиббий ёрдам, дори воситалари, юқумли касалликлар профилактикаси ҳамда ҳамшира қобилиятини кўрсатувчи эркин мавзулар бўйича амалга оширилди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан 9 нафар кўрик-танлов иштирокчиларининг ҳар бир шартга берилган жавобига аҳамият берилди. Баҳсли ва мунозарали ўтган кўрик-танлов якунига кўра филиалнинг диагностика бўлими ҳамшираси Нодира Латипова 118 балл билан танлов ғолиби бўлди. 2-ўрин 108 балл тўплаган шошилинч травматология бўлими ҳамшираси Муниса Зиёвиддинова ва 3-ўрин 107 балл баҳога эга бўлган 1-шошилинч хирургия бўлими ҳамшираси Моҳидил Асадоваларга насиб қилди.

Кўрик танлов қатнашчиларини филиал директори М.Ражабов табриклаб, уларга “Мақтов ёрлиғи”, “Ташаккурномалар”, гуллар ва касаба уюшмасининг совғаларини топширдилар. Кўрик-танлов ғолиби вилоят миқёсида бўлиб ўтадиган танловга қатнашиш йўлланмасига эга бўлди. Филиалимизда ўтказилган бугунги кўрик-танлов тадбири байрамона тус олиб, барчага кўтаринки руҳ ва юқори кайфият бағишлади.

РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати.


Report Page