Вобкентдаги мактабгача таълим ташкилотларида аҳвол қандай?

Вобкентдаги мактабгача таълим ташкилотларида аҳвол қандай?

Buxoro.uz

Бутун дунё аҳлини ташвиш ва изтиробга солган коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида шу йил 16 мартдан республикамизда карантин эълон қилингани, барча таълим муассасалари қаторида болажонларимизни ўз бағрига олган боғчаларда ҳам фаолият тўхтатилгани барчамизга аён. Аммо Президентимиз таъбири билан айтганда, вазият қандай кечишидан қатъий назар, баркамол авлод таълим-тарбиясида чеклов, узилиш ёки нуқсон ва камчилик бўлиши мумкин эмас. Келажагимиз эгаларининг тақдири ҳар нарсадан устун ва устувордир.

Шу нуқтаи назардан, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун дарс машғулотлари ҳам онлайн тарзда йўлга қўйилди. Куни кеча Мактабгача таълим вазирлиги “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда жорий йилнинг 1 августидан давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолият бошлашини ота-оналарга маълум қилгани ҳам юқоридаги фикримиз исботи. Хўш, ҳадемай ўз ишини давом эттирадиган боғчаларнинг айни кундаги моддий-техник аҳволи талабга жавоб берадими, деган савол туғилиши табиий. Шу саволга жавоб топиш мақсадида Вобкент туманидаги мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб, ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишдик.

Таъкидлаш керакки, ҳудудда талабга жавоб берадиган муассасалар ҳам етарлича. Улардаги мавжуд шарт-шароит ва таъминот янги мавсумга тайёр эканликларидан дарак. Масалан, туман марказидаги 1-сонли МТТ. 2015 йилда мукаммал таъмирдан чиқарилган бу иншоот ёш тоифасига қараб 5 та гуруҳда 140 нафар жажжи ўғил-қизни ўз бағрига олишга шай. Ҳар бир машғулот хонаси ва ўйин майдончаси, ётоқхона ва ошхона дид билан жиҳозланган. Ҳатто, куз-қишда иситиш тизими таъмирдан чиқарилган. Бунда Н.Нурмуҳаммедова мудиралигидаги элликдан ошиқ ишчи-мутахассисга эга жамоа саъй-ҳаракати ҳам эътирофга лойиқ, албатта.

Икки йил бурун капитал реконструкция қилинган ва 120 нафар болажоннни ўз бағрига олишга шай қилинган 9-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам тайёргарлик жойида. Асосий дарвозани бўяш, кираверишда пешлавҳани тайёрлаб осиш, қолаверса, мавжуд экин ерларини тартибга солиш керак. Шунга қарамасдан, боғчада орасталикни кўриш мумкин. Тоза ичимлик суви тармоғига уланган, шинам кондиционерлар ўрнатилган, болажонлар учун ҳожатхона ва ювиниш хонаси, кўргазмали ўқув қуроллари, ўйинчоқ ва қўғирчоқлар рисоладагидек ҳозирланган.

Шу билан бирга, ҳудуддаги 5- ва 10-сонли МТТдаги аҳволни тез фурсатда ўнглаш зарур. Чунончи, Р.Абдуллаева мудиралигидаги 5-сонли боғча биноси ўтган аср саксонинчи йиллари бошида қурилган бўлиб, унинг бир қисми шу атрофга яқин 2-сонли умумтаълим мактаби тасарруфига ўтказилган экан. Унда белгиланганидек, 150 нафар жажжи ўғил-қиз эмин-эркин саводини чиқариши, мактабга тайёрланиши учун бу бино қисмини МТТга қайтаришга эҳтиёж катта. Ўтган аср етмишинчи йилларида барпо қилинган ва айни пайтда мослаштирилган бинода фаолият юритиб келган 10-сонли МТТ да ҳам бинонинг бир қисмини “Найман” ҚВП маъмурий биносига қўшиб беришган. Бу бинони қайтариш учун эса ҳаракат бор-у натижа йўқ. Ахир, бу муассасага ҳадемай, 90 нафар болажон қатнай бошлайди.

“Ниёзхўжа” МФЙ даги 31-, “Шанба” МФЙ даги 38-, “Кўлодина” МФЙдаги 12-сонли, қолаверса, 33- ва 37-сонли мактабгача таълим ташкилотларида таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари ўлда-жўлда қолмоқда. Уларнинг қайсидадир бинолари эскирган, бир неча йилдирки, деворлари сувоқ кўрмаган бўлса, бошқаларида етарли қулайлик, шинамлик борасида, иншоотни совуқ мавсумда иситиш, ҳатто, санитария тармоқларини шай ҳолга келтириш масаласида нуқсон ва камчиликлари етарлича. Хусусан, Кўлодинадаги боғчани ҳар йили бир таъмирдан чиқариш билан иш битмайди, чунки, бино-иншоот бутунлай эскирган ва “яроқлилик муддати”ни аллақачон ўтаган. Қолаверса, аксарият боғчаларда мавжуд экин ерларидан самарали фойдаланиш аҳволи ниҳоятда қониқарсиз экани яққол кўзга ташланади.

 – Биномиз 2017 йил охирида таъмирдан чиққан, инвентарларни ҳам амаллаб етказаяпмиз. Туман Кенгаши депутати А.Мухторов боғчамиз ҳудудини асфальт қилиб бериш ҳаракатида юқори идораларга сўров билан чиққан, – дейди 37-сонли МТТ мудираси Ҳ.Шодиева. — Шундан умидвормиз, қолаверса, атрофни девор ёки панжара билан ўраб олишимиз, эҳтиёжга қараб муассасамизни қўшимча 30 та диванча билан жиҳозлашимиз лозим. Албатта, бунда туман ҳокимлиги амалий ёрдамига таянамиз.

“Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилган 32-сонли МТТ фаолияти ўтган йилдан буён тўхтатиб қўйилган экан. Сабаби икки қаватли, 90 нафар болажоннни ўз бағрига олиши лозим бўлган муассасада муаммолар талайгина. Аввало бино таъмирталаб, қишки мавсумда қўлбола иситиш печларидан фойдаланилади. Табиий газ йўқ. Канализация, ички ҳожатхона мавжуд эмас. Инвентарлар таъминотида етишмовчиликлар кўп.  

Умуман, айни пайтда туманда мавжуд 27 та давлат, 49 та оилавий, шунингдек, давлат хусусий шериклигидаги 2 та мактабгача таълим ташкилотини янги мавсумга шай қилишга жиддий киришилган. Муассасалар замонавий мебель ва инвентарлар  билан жиҳозланмоқда. Бу билан тармоқда моддий-техник шарт-шароитни яхшилаш воситасида 10 минг 668 нафар боғча ёшидаги болажонн боғчага қамраб олишга, бу жараёнда умумий қамровни 66 фоизга етказишга эришилади. Мактабгача таълим ташкилотларида олий маълумотли, малакага эга  тарбиячи-педагогларни кўпайтириш, бу масканлардаги муаммоларни тезроқ ҳал этиш, уларни ишлаш мавсумига сифатли тайёрлаш таълим-тарбия ишлари самарадорлигига эришишнинг устувор шарти. Бунинг учун эса вилоят Мактабгача таълим бошқармаси, туман мутассаддилари, ҳар бир боғча мудираси зиммаларидаги масъулиятни ҳис этган ҳолда астойдил иш тутишлари талаб этилади. Болажонлар учун янги мавсум бошланаётган экан, уларга яхши шароит, қулай муҳит яратиб бериш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Вобкент тумани ҳокимлиги ахборот хизмати    

Report Page